Жанубий Кореяда ўзбекистонликлар сони 98,4 минг нафардан ошди
2025 йил июн ойи охири холатига кўра Жанубий Кореяда 98,4 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик ишлаб ва яшаб келмоқда. Бу ҳақда The Korea Times нашри маълум қилди.
Жанубий Кореяда яшовчи чет эл фуқаролари орасида ўзбекистонликлар сони бўйича бешинчи ўринни эгаллайди.
Энг кўп сонли диаспора – Хитой фуқаролари (972,1 минг киши). Улардан сўнг Вьетнам (341,1 минг) ва АҚШ (196,6 минг) фуқаролари келган. Тўртинчи ўринда Тайланд фуқаролари – 173,7 минг киши.
The Korea Times’нинг қайд этишича, чет эл фуқароларининг асосий қисми Сеул, пойтахт минтақаси ҳамда Жанубий Кореянинг жанубий вилоятларида яшайди. Уларнинг тахминан 20%и этник корейсларга бериладиган F-4 визаси асосида мамлакатда истиқомат қилмоқда. 12%и эса меҳнат визаси (E-9) билан келган.
Ўзбеклар Кореяда қанча маош олишади?
Жанубий Кореяда E-9 меҳнат визаси орқали ишлаётган ўзбекистонликлар асосан фабрика, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва қурилиш соҳаларида фаолият юритишади. Уларнинг ойлик маоши ўртача 1,800 – 2,500 АҚШ доллар атрофида, ортиқча иш соатлари ва қўшимча тўловлар билан бу сумма 3,000 долларгача етиши мумкин. Бундан ташқари, кўпчилик ўзбекистонликлар яшаш ва озиқ-овқат харажатларини тежаш учун иш берувчи томонидан берилган турар жойда яшашади.